Фарғона вилоят ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилояти кенгаши ҳамда сиёсий партиялар ҳамкорлигида “Мен ўз келажагим учун овоз бераман” шиори остида “Сайлов ва ёшлар” деб номланган форум бўлиб ўтди. Унда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ёшлари иштирок этди.

Мамлакатимизда демократик талаблар ва халқаро стандартларга мос сайлов тизими шакллантирилди. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш, фуқаролар, жумладан, ёшларнинг сайлов ҳуқуқларини тўла амалга ошириши учун шарт-шароит яратиш борасидаги қонунчилик изчил такомиллаштириб борилмоқда.

Ёшлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этаётир. Буни жорий йил 4 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик жараёнида ҳам кузатиш мумкин.

– Ҳозирги даврда эртамиз эгаларининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан долзарб, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси ўринбосари Аҳаджон Акбаров. – “Ёшлар ва сайлов” форуми йигит-қизларнинг мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат ҳиссини кучайтириш, сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш ва ушбу сиёсий жараён ҳақида илк бор иштирок этувчи ёш сайловчиларнинг хабардорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Форум вилоят марказидаги Аҳмад Фарғоний мажмуасида бошланди. Улар буюк аллома ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди. Шундан сўнг иштирокчилар Фарғона политехника институтида бўлиб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, талабалар учун яратилган шароитлар билан танишишди. Мазкур институт биносида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 729-сайлов участкасидаги сайловга тайёргарлик ишлари ҳам ёшларда катта таассурот қолдирди.Сайлов қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлар, сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш ва бошқа масалалар бўйича батафсил маълумот берилди.

– Мен бу йил биринчи марта сайловда қатнашаман, – дейди Фарғона санъат коллежи ўқувчиси Моҳидил Қурбонова. – Бугунги форумда сайловда ҳар бир сайловчининг овози муҳим аҳамиятга эга эканини янада чуқур англадим. Биз, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта ўзлаштиришимиз, истеъдод ва салоҳиятимизни кенг намоён этишимиз учун барча шароит яратилган. Сайловда мамлакатимиз келажагини белгилашдек муҳим жараёнда ўз овозим билан қатнашиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман.

Шундан сўнг водий ёшлари махсус автобусларда Риштон тумани сари йўл олдилар. Фаол ёшлар дастлаб Республикага танилган, кулолчилик санъатини пухта эгаллаган уста кулоллар иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ёшлар оддий тупроқдан тайёрланган сопол буюмларни дунё бозорини забт этаётгани, мустақиллик йилларида кулолчилик янада ривож топаётганлигини ўз кўзлари билан кўришиб, ўз ҳаяжонларини яшира олишмади.

-Мен Риштонлик кулоллар тўғрисида матбуотда ўқиб, телевидения орқали кўрган эдим. Лекин бунчалик усталарнинг маҳоратини Риштон туманига келиб, ўз кўзим билан кўриб уларни саънатига қойил қолдим. Кулоллар яратаётган дурдона асарлар Республикамиз, қолаверса Фарғона вилоятини довруғуни дунёга таратишига шак-шубҳа йўқ- дейди Наманган вилоятидан келган форум иштирокчиси Маъмуржон Эргашев.

Риштон туманида видеоконференция тарзида тадбир ўтказилди. Барча шаҳар ва туман марказларида йиғилган ёшлар билан очиқ ва жонли мулоқот бўлди.Тадбирда ёшлар мамлакатимизда истиқлол йилларида энг юксак демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида яратилган миллий сайлов тизими, сайлов жараёнида очиқлик ва ошкоралик принципларини мустаҳкамлаш мақсадида сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгартишларнинг маъно-мазмуни билан атрофлича таништирилди.

– Сайлов – мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа, – дейди бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, II ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинлари совриндори Бектемир Мелиқўзиев. – Унда иштирок этишнинг ҳаяжони ва масъулиятини чуқур ҳис қилмоқдамиз. ФаМазкур форум мамлакатимизда ўтказилаётган сайловлар моҳияти, уларда ёшларнинг иштироки, сайловларни ўтказиш тартиби, сайлов қонунчилигига доир билимимиз янада бойимоқда. Бу бўлажак сайловда ўз фуқаролик позициямизни эркин намоён этишга ёрдам беради.

Шундан сўнг, водий ёшларининг юртимизнинг бутун ёшларига сайловни юқори савияда, фаоллик билан ўтказишга қаратилган мурожаати қабул қилиниб, ўқиб эшитирилди.

М.СУЛАЙМОНОВ