Фундаментал ва амалий физика масалаларига бағишланган халқаро симпозиум  ўз фаолиятини  Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети физика факультетида  давом эттирмоқда. Симпозиум 10 ноябрь куни 4та секцияга бўлиниб, ўз фаолиятини давом эттирди. 

Биринчи секция назарий физика ва астрофизика масалаларига бағишланди. Бавария Фанлар академияси президенти, профессор К. Хоффман “Ҳаёт илмларида математик моделлар” мавзусидаги маърузасида инсоннинг суғурилган тишини тиклаш жараёнини тушунтирувчи тенгламани ҳисоблаб чиқди.

Ҳиндистонлик физик олим, профессор Н. Дадич Грасгоф мезонининг бир асрдан сўнг қандай тушунилаётганлиги ҳақида сўз юритди.

Украиналик олим, профессор А. Соловьевнинг чиқиши эса юқори ҳароратли суперкондукторларда ўта ўтказувчанлик ва магнетизм ўртасидаги боғлиқлик мавзусига бағишланди. У ўз маърузасида инсоният электр қувватидан электростанциялардаги қисқа туташувларсиз, тўғридан тўғри фойдаланиши реал тушунчага айланганлигини таъкидлаб ўтди.

Даниялик астрофизик олима И.Нордсрем Сомон йўли галактикаси, унинг пайдо бўлиши билан боғлиқ маълумотлар билан барчани қизиқтириб қўйди.

Иккинчи секцияда экспериментал физик тадқиқотлар натижалари муҳокама қилинди. Айтиш жоизки, симпозиумнинг ушбу секцияси доирасида айнан амалий тадқиқотлар ва уларнинг ўрни ҳақидаги маърузалар ўқилди. Россия, Нидерландия, Италия, Германия, Малайзия, Жанубий Корея ва ўзбекистонлик олимлар ўз илмий изланишлари юзасидан маълумот беришди. Радиацион технологиялар, кристаллик материаллар, эпитермал нейтронлар кабилар устидан олиб борилган  тадқиқотлар хулосалари қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Учинчи секция иштирокчилари янгиланувчи энергия манбаларини қўллаш истиқболлари хусусидаги маърузаларни тинглади.  Дастлаб сўзга чиққан Россия Фанлар академияси ярим ўтказгичлар физикаси институти директор ўринбосари, профессор О. Пчеляков  ўз тақдимотида сунъий йўлдошларнинг фаолиятини таъминловчи материаллар самарадорлигини қуёш энергияси ҳисобига оширувчи замонавий ишланмалар тўғрисида сўз юритди.

Малайзиялик профессор И. Ноорнинг маърузасида эса қуёш энергиясини ютишда синтезатор сифатида ўсимликлардан олинадиган табиий бўёвчи моддалардан фойдаланиш таклифини берди.

“Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш ташкилоти миллий физика-техника институти вакили Жасур Ахатов ўз тақдимотида Ўзбекистонда ва қуёш энергиясидан фойдаланиш тарихи ва истиқболлари борасида статистик маълумотлар келтириш билан бир қаторда, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли давлат дастурига ҳам алоҳида тўхталди. 2013 йилда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган, Марказий Осиёда биринчи ва айни пайтда ягона бўлган Халқаро қуёш энергетикаси институти фаолиятига ҳам урғу берди.

Тўртинчи секция назарий физикадаги янгиликларга бағишланди. Бунда физиканинг биология ва кимё, тиббиёт билан боғлиқ жиҳатларига боғлиқ янги фаразлар илгари сурилди. Жумладан, бельгиялик профессор Д. Дирк биологик занжирларни тушунтиришда биоматериаллар физик-кимёвий хоссаларига таяниш мумкинлигини таъкидлади. Бу каби қизиқарли мавзулар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Халқаро симпозиум иштирокчилари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат жараёнида Ўзбекистонда илм-фан тараққиёти борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Итальян физиги  Г. Гамбарини хоним Ўзбекистонда аёлларнинг илм-фанга қизиқиши юқори эканлиги қувонарли ҳол эканлигини таъкидлаб ўтди.

Чехиялик тадқиқотчи Милан Калал эса ўзбекистонлик ёш олимлар ҳақидаги саволга шундай дея жавоб қайтарди: “Ўзбекистонлик бир дўстим бор. У билан анчадан буён ёзишма олиб борамиз. Унинг ўғли ҳам ота изидан бориб, физикани танлади. Мен ўзбек ёш олимларидан кўпларни танимайман. Бироқ шу дўстимнинг ўғлини ўзим билган барча ёш тадқиқотчилар орасида энг тиришқоқ ва меҳнатсевар инсон деб биламан”.

Шунингдек, япониялик Шикама Тацу ҳамда даниялик Андерсен Йоханнес ҳамкасблари маърузаларидан жуда кўп янги маълумотлар олаётганликларини таъкидлаб, Ўзбекистонда ёшларни илмга йўналитириш борасида амалга оширилаётган ишлардан ҳайратда эканликларини билдиришди.

Профессор Пчеляков ўзининг ОАВга берга интервьюсида ўзбек олимларининг қуёш энергетикаси соҳасидаги ютуқларини эътироф этиб, келгусида мамлакатимиз илмий-текшириш институтлари билан бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадини билдирди. “Бундай симпозиумда иштирок этиш ёқимли. Ташкилотчилар тайёргарлиги аъло даражада. Бунда давлат кўмаги сезилади. Таклиф этилган меҳмонлар мавқеи анчайин юқори, ўзбек олимларининг маърузалари эса юртингизда илмий мактаблар фаолияти яхши йўлга қўйилганлигидан далолатдир”, дейди бу ҳақда Германия материяшунослик институти вакили жаноб Желудкевич.

Семинарнинг биринчи куни ана шундай илиқ фикр ва таассуротлар билан якунланди.