RIPRODUZIONE RISERVATA © Copyright ANSA

Албан миллатига мансуб 40 ёшли аёлга Италияда жамоат жойида ҳижоб ечишни рад этгани учун 30 минг евро жарима солинди. АNSА ахборот агентлиги хабар беришича, Порденоне шаҳри судьяси аёлга берилган дастлабки 4 ойлик қамоқ жазосини шундай миқдордаги жарима билан алмаштиришга қарор қилган.

Воқеа бир ойча аввал Сан-Вито аль Тальяменто шаҳар кенгаши йиғилиши вақтида юз берган. Бу шаҳарда 2000 йилдан бери яшаб келаётган ва яқинда Италия фуқаролигини олган аёл шаҳар мэрининг жамоат тадбири иштирокчилари таниладиган кўринишда бўлишлари кераклиги борасидаги талабига қарамасдан, ҳижобни ечишдан бош тортган. Шундан кейин аёл залдан олиб чиқиб кетилган ва жамоатчилик тартибини бузишда айбланган.

Италияда 1975 йилдан бери жамоатчилик жойларида юзни беркитувчи бош кийимлар, жумладан мотоцикл шлемларида бўлишни тақиқловчи қонун амал қилиб келади. Бу қонун жиноятчиликка қарши курашга қаратилган. Охирги йилларда Италиянинг баъзи шаҳарлари, жумладан Милан бу қонунни қатъийлаштирган. Бу чораларга кўра, ҳижобларда бўлган аёлларга уларни шифохоналарда ҳам ечиш мажбурий қилиб қўйилган.