Мьянма шарқидаги нефрит олинувчи карьерга осмондан номаълум металл жисм тушди, деб хабар бермоқда мамлакат ОАВ.

Узунлиги 4,5 метр ва эни 1,2 метр бўлган цилиндр кўринишидаги жисм 10 ноябрда Качин штатида аниқланган.

Деярли шу воқеа юз берган вақтда хитой тилидаги ёзув бўлган яна бир металл бўлаги яқин атрофдаги уйлардан бирининг томини тешиб ўтган. Бахтли тасодиф ҳеч ким жабрланмаган.

Тахмин қилинишича, номаълум бўлаклар Хитойнинг "Пульсар" тажрибавий сунъий йўлдошининг фазога олиб чиқилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Сунъий йўлдош 10 ноябрга ўтар кечаси "Чанчжэн-11" ракета-ташувчиси ёрдамида фазога олиб чиқилган.

Амалдорларнинг айтишича, жисм ерга урилгач, 50 метрлар чамаси сакраб кетиб, карьерга тушган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, улар портлашга ўхшаш овоз эшитишган.

"Биз бу портлашдан кўрқиб кетдик", деб айтган воқеа гувоҳи Ко Маунг Мио.

"Аввал биз жанглар бошланди деб ўйладик. Портлашдан бизнинг уйлар зириллаб кетди", деб эсламоқда воқеанинг гувоҳи. Унинг айтишича, жисм яқинида қўланса ҳид сезилган.

"Тахмин қилинишича, топилган металл жисмлар сунъий йўлдош ёки самолёт ёхуд ракетанинг двигатели деталлари бўлиши мумкин", деб хабар бермоқда Global New Light нашри.

Штат раҳбариятининг таъкидлашича, жисм нима эканлигини ҳозирча ўрнатишга муваффақ бўлинмаган.