Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси ЖЧ-2018 саралаши доирасида Бразилияга қарши кечган ва 0:3 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган учрашувдан кейин фикрларини билдириб ўтди.

«Биз қулашда давом этмоқдамиз. Лекин мундиал йўлланмаси учун имконият сақлаб қолганмиз. Бу ўзимизга боғлиқ. Биз расво ҳолатдамиз, лекин курашни давом эттиришимиз керак.

Ақлни йиғиш керак. Бизда жуда яхши футболчилар жамланган. Лекин бошингда муаммо бўлса, оёқларинг ўзингга бўйсунмай қўяди. Ижобий нарсалар ҳақида ўйлашимиз ва бу расво вазиятни тўғрилашимиз керак.

Янада кучлироқ бўлишимиз керак, биз оғир вазиятдан чиқамиз.

Биз ўта жиддий рақиб билан ўйнадик. Биринчи голгача ўйин тенг кечди. Аммо иккинчи гол бизга ёмон таъсир қилди. Биз диққатимизни йўқотдик, биз бунда ҳам йирик ҳисобдаги мағлубиятга учрашимиз мумкин эди. Аргентина натижалари ўз қўлида, аммо бошқа очко ҳадя қилмаслигимиз керак», – деган Месси.

«Умид қиламанки, Сан-Хуанда (Аргентинанинг саралаш доирасида Колумбияга қарши ўйини кечадиган шаҳар. — «Трибуна.Uz») мухлислар бизни қўллаб-қувватлашади. Акс ҳолда бу бизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Кордобада (аргентиналиклар Парагвайга 0:1 ҳисобида ютқазганди. — «Трибуна.Uz») мен мухлислар бизга қандай ҳуштакбозлик қилаётганини эшитдим. Бу бизга ёрдам бермайди ахир.

Биз бир тану бир жон бўлишимиз керак. Жамоа сафар ўйинларида ҳам ўзини уйдагидек ҳис қила олиши керак. Одамлар чарчади. Мухлислар шуни тушуниши керакки, биз бир мақсад йўлида бирлашсаккина, мақсадга етамиз. Биз ўзимиз ҳаммадан ҳам кўпроқ истаймиз ғалабаларни. Лекин атрофимизда бизга ёмон қарашларни сезсак, бу ўйинимизда акс этади», — дея тан олган «Барселона» футболчиси.

«Биз бироз дам олишимиз ва бу мағлубиятни унутишимиз керак. Кейин навбатдаги ўйинга тайёрланамиз. Бу ўйин бутунлай бошқача бўлади. Биз ўзимизни тонналаб танқид кутаётганини биламиз, лекин хотиржамликни сақлашимиз ва мундиал чиптаси масаласини ҳал қилишимиз керак.

Олдинда яна ўйинлар бор ва биз жаҳон чемпионатидан қуруқ қолишни хаёлимизга ҳам келтирмаяпмиз. Ғалаба қозона бошласак, пойгага қўшиламиз. Фақат яхшиликларни ўйлаш керак ва шунда вазият ўз-ўзидан ўзгаради», — дея фикрларини якунлаган футболчи.

11 тур ўйинларидан кейин Аргентина гуруҳда 6-ўринда қолмоқда. Жанубий Америка минтақасида ЖЧ учун 4 йўлланма ўйналади, 5-ўрин эгаси плей-оффда Океания минтақаси ғолиби билан беллашади.