Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев унинг хорижга уюштирган бир қатор ташрифлари мамлакат иқтисодиёти учун фойда келтираётгани ҳамда янги дўстлар орттиришга имкон бераётганини таъкидлади. Бу ҳақида давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Назарбоев 24-25 октябрь кунлари расмий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлди, 6-9 ноябрда - Японияга, 9-11 ноябрда эса Жанубий Кореяга расмий ташриф уюштирди.

"2016 йил охирига яқин менинг ташқи иқтисодий ташрифларим ижобий ноталарда якунланмоқда: биз янги дўстлар орттирдик, ҳамкорларимиз билан соатларимизни текширдик. Бу қозоқ иқтисодиётининг бундан буёнги тараққиёти, демак, бутун аҳоли учун фойдалидир", - дейди давлат раҳбари. 

Нурсултон Назарбоев бошқа мамлакатлар билан ўзаро алоқаларни яхшилаш, энг аввало, маҳаллий иқтисодиёт учун янги имкониятлар излашга қаратилганлигини таъкидлади.