АҚШ президенти Барак Обама ҳали ҳам Дональд Трамп президентликка ярамайди, деган фикрида қолмоқда. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жошуа Эрнест маълум қилди. 

"Президент фикри ўзгармади. У ҳозир ҳам сайловолди кампаниясида билдирган қарашларини билдирмоқда. У бу ҳақда бутун мамлакат бўйича сўзлаган нутқларида айтган, бироқ америкаликлар унинг вориси сифатида Трампни танлашга қарор қилишди", деб айтди Эрнест. 

Эрнест Обама ўз қарашларига қарамай, мамлакатда "ҳокимиятнинг режали асосда топширилишини" истаётганини таъкидлаб ўтди.

7 ноябрда, сайловларга бир кун қолганда Обама навбатдаги марта Трамп "ўз феъл-атворига кўра президент ва мамлакат бош қўмондони бўлишга ярамаслигини" айтган. "Биз унинг хатти-ҳаракатларини нормал деб ҳисоблашни бас қилишимиз керак. Бирор телбалик вақт ўтиши билан оддий ҳолга айланиши ғалатидир", деб айтган Обама. Обама Трампнинг фикрлари "Америка овозини билдирмаслигини" қўшимча қилган.