Оқ уйда АҚШ президенти Барак Обама ва унинг вориси Дональд Трамп ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.  

"Биз турли масалаларни муҳокама қилдик, улардан баъзилари ажойиб, бироқ баъзилари мураккаб бўлди. Мен президент билан кейинчалик жумладан маслаҳатлашиш учун ҳам бирга ишлаймиз, деб умид қиламан", деб айтди Трамп. У ўзининг президентлиги давомида Обамадан маслаҳат сўраб туришини таъкидлаб ўтди.

Обама ўз навбатида бу учрашувни "ажойиб" деб баҳолади. Унинг айтишича, у Трамп билан ички ва ташқи сиёсат масалаларини муҳокама қилган. Обама шунингдек Трамп маъмурияти муваффақият қозонса, унда бундан бутун мамлакатга яхши бўлишини айтди.

"Мен учун бу икки ойдаги устувор вазифа ҳокимиятни тинч топшириш бўлади. Мен буни уддалаймиз деб ишонаман. Биз учун бирга бўлишимиз, бирга ишлашимиз ва қийинчиликларга жавоб беришимиз муҳимдир", деб айтган Обама. 

Трамп ва Обаманинг учрашуви 1,5 соат давом этган. Ваҳоланки учрашув дастлаб 10-15 дақиқа бўлиши режалаштирилганди. 

Таъкидланишича, икки сиёсатчи учрашувдан кейин бир-бирларининг қўлларини сиқиб қўйишган. Бироқ амалдаги президент ва унинг вориси учрашувлари вақтида Оқ уйнинг жанубий ўтлоғида суратга тушиш анъанаси бу гал бузилди: Обама суратга тушиш маросимини бекор қилган.