Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин ва АҚШнинг янги президенти этиб сайланган Дональд Трампнинг сиёсий ёндашувлар борасидаги фикрлари жуда ўхшашдир, деб айтди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.     

Маълум қилинишича, Песков Путиннинг Валдай форумидаги нутқи ва Трампнинг АҚШдаги сайловлар натижалари эълон қилингандан кейинги нутқини солиштириб, шундай фикрга келган.      

"Трамп унга асосийси АҚШ манфаатлари эканлигини ва у исталган давлат билан муносабатларни йўлга қўйишини айтди. Путин ҳам худди шундай деган ва албатта Россия манфаатлари ҳақида гапирган. Улар ташқи сиёсатдаги ёндашувларида феноменал даражада яқиндирлар ва бу икки томонлама муносабатларда зиддиятлар бартараф этилиши борасида оптимизм учун яхши асосдир", деб айтди Песков.

Бироқ Песковнинг айтишича, АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларда қисқа муддатларда сезиларли яхшиланишлар юз бермаслиги мумкин.

"Муносабатларни юқори даражага қисқа муддатда олиб чиқишга умид қилиш даргумон", деб таъкидлаб ўтди Песков.