АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп раҳбарлигининг биринчи юз кунида АҚШни Транстинч океани ҳамкорлигидан олиб чиқади. Politico нашри ихтиёрига келиб тушган Трамп штабининг ички ҳужжати, аниқроғи «йўл харитаси»га асосланган ҳолда шу ҳақда ёзмоқда.

Ҳужжатда айтилишича, Трамп биринчи 100 кун давомида, маълум бир шартлар бажарилмаса, АҚШни Транстинч океани ҳамкорлиги ва Шимолий Америка эркин савдо ҳудудидан олиб чиқиши мумкин. 

Янги президент, шунингдек, Хитойни расман «валюта манипулятори» деб эълон қилади ҳамда Америка компанияларининг хорижда харид қилинишида америкалик сармоядорлар учун бир хил имкониятлар тақдим этилгани борасида текширувларга кўрсатма беради. 

Таъкидланишича, янги президентнинг «йўл харитаси» Трампнинг сайловолди кампаниясида айтган баёнотларига асосланган. Шу билан бирга, Қўшма Штатларнинг янги раҳбари белгиланган режага оғишмай амал қилишига ҳеч қандай кафолат бериб бўлмайди, деб ёзади нашр. 

Трамп октябрь ойидаёқ, ўз президентлигининг илк 100 кунлиги режалари ҳақида сўз юрита бошлаган эди.