Украина президенти Пётр Порошенко Беларуснинг "Белавиа" авиакомпанияси самолёти билан юз берган воқеа учун Беларусь президенти Александр Лукашенкодан узр сўради. Бу ҳақда "БелТА" ахборот агентлиги маълум қилди.     

21 октябрда авиакомпанияга тегишли "Боинг" самолёти Киев аэропортидан чиққандан кейин, чегарага яқинлашганда аэропорт диспетчери самолёт ортга қайтиши кераклигини айтган. Агар учувчилар буни қилмасалар, ҳавога ҳарбий самолётлар кўтарилиши билан таҳдид қилинган.

Самолёт Киевдаги Жулян аэропортига қайтгандан кейин Украина ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари самолётдан арман журналисти Армен Мартиросянни олиб чиқиб кетишган, бироқ бироздан кейин қўйиб юборишган. Украина хавфсизлик хизматида тушунтирилишича, самолёт миллий хавфсизликка таҳдид йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун қайтарилган.  

Ҳавога ҳарбий самолётлар кўтарилиши ҳақидаги хабар дастлаб инкор қилинган, бироқ Беларусь томони самолёт экипажи сардорининг диспетчер билан мулоқоти ёзувини чоп этгач бу ҳолат тан олинган.

Минскка учиб кетаётган самолёт бортида 136 нафар йўловчи ва экипажнинг 6 аъзоси бўлган. Ҳодиса юзасидан Минск Киевга расмий норозилик билдирган.

4 ноябрда Мартиросян Украина ҳукуматига қарши даъво аризаси топширишини айтган. Бундан икки кун аввал "Белавиа" авиакомпанияси Киев ушбу воқеа учун "кичик миқдорда товон пули" тўлашга рози бўлганини маълум қилган. 

Порошенко Лукашенкога бу воқеага алоқадар барча айбдорлар жазоланганини маълум қилди.

Давлатлар етакчилари бундай воқеаларнинг келажакда юз бермаслиги учун тегишли хизматлар яқин орада хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳақида маслаҳатлашув ўтказишларига келишиб олдилар.