11 ноябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратовнинг Сирдарё вилояти сайловчилари ва жамоатчилиги билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Сирдарё вилояти филиали директори Жамолиддин Комилов очиб берди ва олиб борди.

Учрашув Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларининг сайловчилари билан онлайн видеоконференция орқали мулоқот тарзида бўлиб ўтди. 

Дастлаб номзоднинг ҳудуддаги ишончли вакили Норбобо Соатов  йиғилганларни Сарвар Отамуратов таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг номзод сайловолди Дастурининг асосий йўналишларини баён этди. 

Номзод жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови мамлакатимиз, халқимиз қаторида сирдарёликлар ҳаётида ҳам ғоят муҳим ўрин тутадиган ижтимоий-сиёсий тадбир эканлигини алоҳида эътироф этди.

Учрашувда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов таъкидлаганидек, мустақил Ўзбекистон тарихининг ҳозирги даврида олдимизда ниҳоятда масъулиятли вазифа турибди. Шуларни инобатга олган ҳолда, номзод Дастурида юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини изчил юксалтириб бориш, Ватанимизнинг дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши йўлидаги эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқариш бўйича стратегик ва устувор вазифалар белгиланган.

Шунингдек, учрашувда Сарвар Отамуратов Дастурда сиёсий ва суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий, ахборот, спорт ва ташқи сиёсат соҳаларида белгиланган жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтаришнинг энг мақбул ечим ва устувор йўналишларига тўхталиб ўтди. Бу каби вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Учрашув сўнгида Сарвар Отамуратов иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб берди.