Портлаш - смартфонлардаги аккумуляторларнинг ягона муаммоси эмас. Россия ва у каби аёзли қиш (0 даражадан паст) кузатиладиган мамлакатларда совуқ ҳароратда гаджетлар ўз зарядини тез йўқотиши мумкин. Hi-Tech Mail.Ru нима учун бундай бўлиши ва севимли смартфонимизни совуқдан қандай асраш мумкинлигига оид маълумотлар билан бўлишди.

Аккумулятор — замонавий мобил қурилмаларнинг заиф жиҳати. Улар тезда зарядини йўқотади, тезкор қувватлаш чоғида қизиб кетади, Samsung Galaxy Note 7 тажрибаси эса телефонларнинг батареялар туфайли портлаши ҳам мумкинлигини кўрсатмоқда. Бироқ совуқ ўлкаларда яшовчи кишиларни бошқа муаммо қийнайди - смартфонлар совуқда тез зарядсизланмоқда ёки умуман, ўчиб қолмоқда.

Нима учун телефонлар музлайди?

Энергия манбаларини ишлаб чиқариш технологияси бошқа соҳаларга қараганда анча секин ўзгаради. 1991 йилда мулоқот вақтида портлаб кетган литий анодли илк мобил телефонларини қайтариб олишган. Шундан кейин ишлаб чиқарувчилар хавфсизликни ошириш учун литий электролитли энергия манбаларига ўтишган. 

Аккумулятор музласа, смартфон зарядини йўқотади ёки умуман ўчиб қолади

Паст ҳарорат барча жараёнларни секинлаштиради: музлатгичдаги гўшт совутгичдагидан яхшироқ сақланади - чунки у ерда бактериялар фаоллиги нисбатан пастроқ бўлади. Аккумулятор билан ҳам худди шундай, фақат унда микроорганизмлар ўрнига литий ионлари "тер тўкади". 

Қанча арзон бўлса, шунча яхши

Алюминий юқори иссиқлик ўтказувчанлик хусусиятига эга (ўртача 220 Вт/(м·K)) — бу смартфон учун бир вақтнинг ўзида ҳам яхши, ҳам ёмон. Гаджет аккумулятор ва процессордан иссиқликни яхшироқ олади, лекин тезроқ "музлайди". Қурилманинг қалинлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга - ингичка смартфондаги аккумулятор фаолияти тезроқ беқарорлашади. 

Бунга яққол мисол сифатида iPhone қурилмасини олишимиз мумкин. Apple смартфонлари корпусининг катта қисми алюминийдан ясалган, iPhone 6/6s/7 қалинлиги эса — 7,1 мм. Hi-Tech Mail.Ru тадқиқоти шуни кўрсатдики, iPhone 6 қурилмаси учун 15 даражали совуқ ҳарорат тақиқланган. Ишлаб чиқарувчи буни яхши билади ва огоҳлантиради - iOS-қурилмалар билан ишлашда атроф-муҳит ҳарорати диапазони - "+0 даражадан 35 даража иссиққача". 

Apple расмий сайтидан хабар

Шиша иссиқни металлга нисбатан ёмонроқ ўтказади - атиги 1,15 Вт/(м·K), аммо шунинг ўзиёқ телефоннинг совуқда музлаши учун етарли. Samsung Galaxy S7 икки томондан шиша билан қопланган, лекин ён томон рамкаси алюминийдан ясалган. Ишлаб чиқарувчи эксплуатация шартларида худди шундай тавсия берган - "+0 даражадан 35 даража иссиққача". 

Совуққа чидамлилик бўйича пластик етакчилик қилади - унинг иссиқлик ўтказувчанлиги - 0,15-0,20 Вт/(м·K) атрофида. "Қария" Samsung Galaxy SII 35 даража совуқда ўчади, "қўнғироқча" Nokia C1-01 эса - 40 даража совуқда!

Замонавий смартфонлар ишлаб чиқарувчилари улардан совуқ (нолдан паст) ҳароратда фойдаланмасликни тавсия қилишади. Бу қисман материаллар - алюминий ва шишанинг айби. Бюджет телефонлар корпуси оддий ПВХ ёки пластик тури бўлган поликарбонатдан ишланади. Шу боис қиш аёзли кечувчи мамлакатларда - смартфон қанча арзон бўлса, шунча яхши. 

Аккумулятор таркиби аҳамиятга эга эмас

Re-Mobile сервис маркази мутахассиси Артём Анисимовнинг таъкидлашича, таркибида литий бўлган аккумуляторлар "музлашни ёқтиришмайди", шу боис совуқда улардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас. Бироқ литий-ион ва литий-полимер вариантлари ўртасида фарқ бор:

Литий-полимерда совуқни сезувчанлик хусусияти пастроқ, албатта. Улар бир маромда ишлаши учун энг мақбул ҳарорат Цельсий бўйича 20 даража совуқдан 35 даража иссиққача. Литий-ион аккумуляторларда эса 0дан паст ҳароратдаёқ муаммолар бошланиши мумкин. Бироқ шунга қарамай, литий-полимер аккумуляторлар камроқ тарқалган. Бу эҳтимол унинг нархи нисбатан қимматроқ эканлиги билан боғлиқдир.