Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг котибиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда ташкилот Бош котиби Р. Алимов, ШҲТга аъзо давлатлар доимий вакиллари, Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар ва Тижорат вазирликлари масъул ходимлари, ушбу мамлакатнинг жамоат, сиёсат ва эксперт доиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида Президент сайловига тайёргарлик жараёни, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши учун умумэътироф этилган демократик андозалар асосида яратилган ташкилий-ҳуқуқий шароитлар атрофлича таҳлил қилинди. 

ШҲТ Бош котиби анжуман қатнашчиларига сайловнинг халқаро кузатувини амалга оширишда ШҲТ миссияси иштирокини ташкил қилиш бўйича котибият томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди. ШҲТ мониторинг гуруҳи баҳосига кўра, Ўзбекистонда сайлов кампанияси оммавий ахборот воситаларида сайлов қонунчилигига мувофиқ кенг ёритилмоқда. Президентликка номзодларга сайловолди ташвиқотини олиб боришда тенг шароит¬ яратилган. Оммавий ахборот воситаларида сайлов кампанияси барча босқичини сайловчиларга тушунтиришга бағишланган кўрсатувлар, эшиттиришлар, мақола ва роликлар берилмоқда. Жамоатчилик бўлажак сайлов, Президентликка номзодлар, уларнинг сайловолди дастурлари, қонунчилик қоидаларидан хабардор. 

Ҳозирги кунда ШҲТ миссиясининг Ўзбекистондаги иш режасини келишиш якунланмоқда. Унда республиканинг турли вилоятларидаги имкон қадар кўпроқ сайлов участкаларини қамраб олиш кўзда тутилаётир. Миссиянинг хулосасини тайёрлашда ўз кузатувларига, расмий маълумотларга, ушбу сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга масъул бўлган сайлов комиссиялари ва давлат бошқаруви органлари томонидан тақдим қилинган амалий материалларга, сайлов жараёни иштирокчилари билан мулоқотларга ҳамда таҳлилий сўровномаларга асосланади.

Шуни қайд этиш керак-ки, ШҲТ сайловларнинг халқаро кузатувини олиб боришда катта тажриба тўплаган. Ташкилот сайловни кузатишни ташкил қилиш бўйича ўз усул ва воситаларига эга бўлиб, улар бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг услубларидан мутлақо қолишмайди. 

Давра суҳбатида Ўзбекистон — Хитой муносабатларини янада ривожлантириш, ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Сўзга чиққанлар шу йилнинг июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ саммити ҳамда Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолашди.