Агар АҚШдаги президентлик сайловларида Дональд Трамп ғолиб бўлса, АҚШни тарк этишга ваъда берган машҳур кишилардан ваъдаларини бажариш сўралмоқда. Бу ҳақда Sky News хабар бермоқда.

Жумладан, Хиллари Клинтонни қўллаб-қувватлаган комедик актрисалар Эми Шумер ва Лина Данэм Трамп ғолиб бўлса Канадага кўчиб кетиш билан таҳдид қилишганди. Энди Трамп тарафдорлари интернетда артистларга ёзиб, уларнинг АҚШни тарк этиш режалари устидан кулишмоқда.

Юлдузлар устидан британиялик комик Рики Жервейс ҳам ҳазил қилди. "Бугунги кун тўғрисидаги ягона кулгили нарса шуки, энди бу юлдузлар Канадага кўчиб ўтишлари керак, аксинча улар ёлғончи бўладилар", деб ёзган Жервейс.

Шумер эса бу таҳдид ҳазил бўлгани ва расмий хабардек қабул қилиниши керакмаслигини айтган.

Клинтонни қўллаб-қувватлаган қўшиқчи Шер эса Трамп ғолиб бўлса Юпитерга жўнаб кетишини айтганди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қўшиқчининг бу сўзлари устидан ҳам кулишмоқда. Масалан, улар Шер суратлари билан Юпитерда кўчмас мулк сотилиши ҳақидаги рекламани чоп этмоқдалар. 

Шунингдек, актёр Брайан Крэнстон, қўшиқчи ва актриса Барбра Стрейзанд, актёр Сэмюэл Л.Жексон, телебошловчи Жон Стюарт ҳам АҚШдан кўчиб кетиш билан таҳдид қилгандилар.