АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампнинг вакили Стивен Ченг маълум қилдики, Трамп Қўшма Штатларга барча мусулмонларнинг ҳам киришини тақиқлашга чақирмайди. USA Today нашрида ёзилишича эса, сайловолди кампанияси веб-сайтидаги чақирув «тотал тақиқлаш»га чақирганди.

«Биз ҳеч қачон барча мусулмонларни киритишни тақиқламоқчи бўлган эмасмиз», — деган Ченг нашр мактубига жавобан.

Қайд этилишича, Трампнинг мусулмонлар иммиграцияси бўйича позицияси кейинги ойларда мавҳумлигича қолмоқда эди. Вице-президентликка сайланган Майк Пенс ҳам Трамп мусулмонларни АҚШга қўймаслик ҳақидаги таклифидан воз кечганини маълум қилганди.

Трамп штаби эса Пенснинг бу баёнотини инкор қилди. Хабар қилинишича, штаб Трамп «терроризмни экспорт қилувчи мамлакатлардан келувчи муҳожирлар оқимини вақтинчалик тўхтатишни режалаштиргани» ҳақида қаттиқ туриб таъкидламоқда. Лекин ҳозирча қатъий текширувлар ўтказиш тартиби белгиланмаган. Умуман олганда у текширувларни қатъийлаштирмоқчи.

Бундан олдинроқ Трампнинг сайтидан унинг аксилмусулмон дастури вақтинчалик йўқолиб қолгани ҳақида хабар берилганди.