Туркия Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари кейинги вақтларда Сурия ҳудудида Анқара ва Сурия озодлик армияси ҳамкорлигида ўтказилаётган "Фрот қалқони" амалиёти доирасида ҳарбий учишларни амалга оширмаган. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Туркия Қуролли кучлари бош штаби маълум қилган.

Шундай маълумотлар ҳарбийларнинг аввалроқ эълон қилинган ҳисоботларида ҳам келтирилганди. Унда "самолётлар буйруқ олмагунича ерда қолиши" ва "фавқулодда вазиятлар учун тайёр туриши" лозимлиги айтилган.

Ўз навбатида Анадўли агентлиги республика самолётлари кейинги 2 ҳафтада Сурия осмонида ҳарбий учишни амалга оширмаганини таъкидлаган.

Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлаб келган Туркия самолётлари парвозлари тўхтатилиши Сурия ҳукуматининг ўз ҳаво ҳудудида берухсат учган самолётларни уриб туширишидан огоҳлантиргани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

"Фрот қалқони" амалиёти 24 август куни бошланганди. Бундан мақсад Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудларини ИШИД жангариларидан тозалаш эди. Кейинроқ туркиялик ҳарбийлари Сурия шимолидаги курдларга қарши ҳам ҳарбий ҳаракатлар ўтказаётгани маълум бўлди.