АТБ “Микрокредитбанк”нинг Чироқчи филиали бошқарувчиси ҳамда “Чироқчи пахта тозалаш” АЖ раиси вазифаларида ишлаган Маъруф Пирназаров қатор жиноятларга қўл уришди. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

Чироқчи туманидаги “Uchar Lochin” МЧЖ мутасаддилари ўтган йили тўйхона биносини ҳамда автомобилларга ёнилғи қўйиш шохобчасини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун банкдан 300 млн. сўм кредит олишди.

“Uchar Lochin” МЧЖнинг 80 фоиз улуши банк филиали бошқарувчиси Маъруф Пирназаровга, қолган 20 фоизи эса унинг онаси Г. Жалиловага тегишли эди. Аслида М.Пирназаровнинг ўзи ушбу МЧЖни ташкил этган, онасини шунчаки раҳбар сифатида расмийлаштириб қўйган эди. Аслида ҳамма ишларни ўзи бажариб келган. 

Маълум бўлишича, М.Пирназаров 2015 йил 10 июндаги рақамсиз кредит буюртмасини МЧЖ раҳбари бўлган онасига имзолатиб, кредит қўмитасига кўриб чиқиш учун топшириб, кредит ажратиш жараёнида МЧЖнинг молиявий ҳисоботларини тегишли тартибда ўрганмасдан, унга 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 36 ой муддатга 300 млн сўм кредит маблағи ажратиш мумкинлиги тўғрисида хулоса тузиб, имзолайди. Кредит ажратиш тўғрисида тегишли мажлис баёнини расмийлаштириб, уни вилоят кредит қўмитасига кўриб чиқиш учун юборади. Кредит ажратиш ҳақида вилоят кредит қўмитасининг мажлиси баёнидаги ёзувлар ўзгартирилиб, мазкур баённома сохталаштирилади ва шу орқали кредит ажратилишига эришади.

Кредит маблағлари ва фоиз тўловлари қатъий график асосида ўз вақтида тўланишига келганда эса, у ўз мансаб ҳамда ваколатларини суъиистеъмол қилиб, четга сурди ва қарзни қайтаришни истамади. 
Банк филиали бошқарувчиси “Uchar Lochin”нинг ҳали 260 млн, 770 минг сўм миқдорда кредит қарздорлиги бўлса-да, юқоридаги “услуб” орқали унга (яъни ўз-ўзига) навбатдаги кредитни “туҳфа” этди. Яъни МЧЖга 12 фоиз устама тўлаш шарти билан 24 ой муддатга яна 50 млн кредит ажратишга эришди. Мазкур маблағ ҳам мақсадсиз ишлатилиб, ўзлаштирилди. 

У тумандаги “Қурбонов Нурқул” фермер хўжалиги раиси Нурқул Қурбонов билан жиноий тил бириктириб, фермер хўжалиги томонидан “Чорвачиликни ривожлантириш ва чорва комплекси қуриш” учун хўжаликнинг тўлов лаёқати, молиявий ишончлилиги, доимий пул маблағлари оқими ва молиявий ҳисоботларини, шунингдек, чорва комплекси қурилиши лозим бўлган смета ҳужжатларини талаб қилмасдан, кредит бюросидан ахборот олмасдан 12 фоиз устама тўлаш шарти билан 24 ой муддатга 35 млн. сўм кредит ажратилишига “кўмаклашиб” юборди. 
Суд ҳукми билан Маъруф Пирназаров ва Нурқул Қурбоновларга тегишли жазо тайинланди. Иш бўйича банкка етказилган 385 млн. сўм зарар тўлиқ қопланди.