Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда, автотранспорт воситаларига бериладиган давлат рақамларига оид хабарлар кенг тарқалмоқда. Facebook, Telegram каби ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларда автомобилларга бериладиган давлат рақамларининг турли намунадаги кўринишлари ва уларга белгиланган нархлар акс этган жадвал ҳавола этилмоқда. 

Унга кўра, хусусан, давлат автомобиль рақамлари: “платина”, “олтин”, “кумуш” ва “бронза” деб номланган тўрт тоифага ажратилганини кўриш мумкин. 

Жумладан, “платина” тоифасидаги 001, 005, 007, 500, 555, 777 каби рақамлар тўпламидан 7 жуфт борлиги ва ҳар бир рақам эгаси бўлиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари миқдорида, яъни 29 млн 955 минг сўм давлат божи тўлаш белгиланганлигини кўриш мумкин. “Олтин” тоифасидаги рақамлар гуруҳи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари 14 млн 977 минг 500 сўм тўлаш керак бўлади. 

Фото: Telegram.me

Бироқ, Kun.uz сайти ушбу масала бўйича Тошкент шаҳар ДАН бошқармасига мурожаат қилганида, бошқарманинг ўзини Тўйчиев деб таништирган ходими, бу каби турли хил асоссиз маълумотларга ишониш керакмаслигини таъкидлади. У, шунингдек, автомобиль давлат рақамлари тасодифий танлов асосида берилишини қайд этди.