Наманганда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси узоқ муддатли кузатувчилари Диана Франка Феррари ва Шейн Кёнг Ан ўз миссиясини бошлади. 

Кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссиясининг раиси Пахриддин Маткаримов билан учрашди. Унда кузатувчилармиссия сайловни баҳолашда ЕХҲТ мажбуриятларига, демократик сайлов ўтказишнинг халқаро стандартлари ва талабларига ҳамда миллий қонунчиликка таянишини таъкидлади. 

Кузатувчилар сайлов жараёнида бўлиб ўтадиган тадбирларни, сайлов маъмурияти ва мутасадди ташкилотлар фаолиятини, қонунчиликка риоя қилинишини кузатади ва сайловга тайёргарлик, сайлов кунги тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини мониторинг қилади. 

– Мен Ўзбекистондаги сайловларда мазкур миссия кузатувчиси сифатида иккинчи марта иштирок этмоқдаман, – дейди Диана Франка Феррари. – Аввало, биз Ўзбекистондаги шундай муҳим сиёсий тадбирда иштирок этаётганимиздан мамнунлигимизни, ўзбек халқининг маданиятига чуқур ҳурмат билан қарашимизни айтмоқчимиз. Ҳар бир сайлов алоҳида жараён ва бир-бирини такрорламайди, шунинг учун уларни солиштириб бўлмайди. Биз Наманганда сайлов участкалари фаолияти билан танишамиз, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашамиз. 

Кузатувчилар округ ва участка сайлов комиссияларининг таркиби, фаолияти, Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тадбирлари, уларга қонунчилик талаблари асосида тенг шароитлар яратиб бериш масалалари билан қизиқди. Кузатувчиларга вилоятда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди. 

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА