Европа Иттифоқи хавфсизлик ва ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Федерика Могеринининг баёнот беришича, Дональд Трампнинг сиёсий устувор йўналишлари АҚШни Европа асосий принципларидан воз кечишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда, РИА «Новости» агентлиги хабар қилмоқда.

«Ҳамкорликни давом эттириш — томонлар манфаатига жавоб беради, аммо, Трампнинг сиёсий устувор қарашлари Американи Европанинг асосий қадриятларидан воз кечишига олиб келиши эҳтимол», — деган Могерини.

Шу билан бирга, Могеринининг қўшимча қилишича, Трамп ўз сиёсатини ҳали намойиш этгани йўқ, фақат шундан кейингина, Европа ва Америка манфаатлари қайси соҳаларда мос келишини айтиш мумкин бўлади. 

Бундан ташқари, ЕИ дипломатияси раҳбари Федерика Могеринининг сўзларига кўра, ЕИнинг Украина муаммосига нисбатан сиёсати Вашингтонда аниқланмайди. Унинг айтишича, Европанинг Украинага нисбатан сиёсати, АҚШ раҳбарияти ўзгарганидан кейин ҳам ҳозиргидек қолади. 

«Бизнинг Украинага нисбатан сиёсатимиз ўзгармайди ва у Вашингтонда белгилаб берилмайди. Сўнгги йилларда биз Вашингтон билан ўзимиз ва ҳамкорларимизга фойда келтирувчи самарали ва амалий ҳамкорлик қилдик», — деган Могерини.