Буюк Британия мудофаа вазири Майкл Фэллон НАТОга аъзо мамлакатларга мудофаа харажатларини оширишни сўраб, мурожаат қилади. The Telegraph газетасининг ўз манбаларига асосланган ҳолда ёзишича, у ЕИнинг 14 ноябрдаги саммитида шу ҳақда сўз юритади. 

Газетанинг ёзишича, Фэллоннинг қарори, Дональд Трампнинг АҚШ президентлигига сайланиши билан боғлиқ. Трампнинг, альянс аъзолари ташкилот бюджети борасида ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажармаса, НАТОни қўллаб-қувватлашдан бош тортиши мумкинлиги Британия мудофаа вазирининг хавотирларига сабаб бўлмоқда. 

Британия ҳукуматидаги манбанинг сўзларига кўра, Трампнинг президент сифатида сайланиши НАТО аъзоларига мудофаа харажатларини оширишни сўраб мурожаат қилиши учун Британияга туртки берган. Оқ уйнинг ҳозирги маъмурияти, НАТО бюджетига бошқа аъзо давлатларга нисбатан кўпроқ маблағ ажратишга тайёрлигини изҳор қилиб келган эди. Бироқ, Американинг янги раҳбарияти бу вазиятни ўзгартириши мумкин.