Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос 13-15 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Ашхободга келади, дея хабар қилмоқда Туркиманистон маҳаллий ОАВ. 

Фаластин етакчисининг ташрифи Туркманистон ҳукумати мажлисида муҳокама қилинган. 

Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередовнинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил апрелида ўрнатилган, бугунги кунда туркман-фаластин ҳамкорлигининг меъёрий-ҳуқуқий асоси 7та халқаро келишувдан иборат. 

Вазирнинг таъкидлашича, шу йилнинг май ойида Туркманистон ТИВ делегацияси амалий ташриф билан Рамаллоҳга борган. Бу ерда икки томонлама музокаралар ўтказилган ва 2016-2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари имзоланган. 
Бундан ташқари, ҳозирда, Ашхободда Фаластин элчихонасини очиш ишлари олиб борилмоқда. 

Олий даражадаги Ашхобод учрашувлари сўнггида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кеннгайтиришга қаратилган битимлар имзоланиши кутилмоқда.