Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов 12 ноябрь куни Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Учрашувни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари Б.Шарофов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили С.Аббосов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

Президентликка номзод Самарқанд шаҳри, бу ерда турли даврларда барпо этилган тарихий-меъморий обидалар, айниқса, Регистон ва Шоҳизинда ансамбллари, Амир Темур, Хўжа Дониёр ва Имом Мотуридий мақбаралари, Бибихоним, Хожа Аҳрор ва Ҳазрати Хизр масжидлари, Чор Чинор ва Ҳазрати Довуд зиёратгоҳлари, Афросиёб музейи ва Мирзо Улуғбек расадхонаси каби қадимий ёдгорликлар халқимизнинг юксак меъморчилик санъати, аждодларимизнинг яратувчанлик салоҳиятидан далолат беришини таъкидлади. 

Дастурда маънавий-маърифий, сиёсий ва суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий, ахборот ва ташқи сиёсат йўналишларида илгари сурилган таклифлар халқимизда миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғуларини мустаҳкамлаш, жамиятни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. 

Ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш, маҳаллий саноат самарадорлигини янада ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, туризмни ривожлантириш каби масалалар ҳам илгари сурилган. Вилоятда 1105 археологик, 670 меъморий, 21 мемориал, 18 монументал, жами 1851 моддий-маданий мерос объекти мавжуд. Бу Самарқанд туризм индустриясини ривожлантириш ва юртимизни жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш имконини беради. 

Туризм иқтисодиётнинг ривожланиш жараёнини тезлаштирувчи омил сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади. Хусусан, қўшимча иш ўринлари яратилиши, аҳоли бандлигини таъминлашга, иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган тармоқлари, инфратузилманинг ривожланишига хизмат қилади. 

Видеоконференция тарзида ўтган учрашувда Самарқанд туманидаги 31-умумтаълим мактаби директори З.Шодиева, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси М.Иброҳимова, “Ўзбек жанг санъати” федерацияси Самарқанд вилояти бўлими бош мураббийи Ж.Юсупов ва бошқалар номзоднинг дастури ва унда белгиланган вазифалар ҳақида фикр билдирди. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.