АҚШнинг янги президенти этиб сайланган Дональд Трамп Сурияда АҚШ ағдариб ташламоқчи бўлган президент Башар Асад билан эмас, ИШИД билан курашиш лозим, деб айтди. Бу ҳақда Wall Street journal нашрига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда

"Россия ҳозир Сурия билан яқин алоқада, бизда ҳозир биз сабабли янада кучлироқ бўлаётган ва Сурияга иттифоқдош ҳисобланадиган Эрон бор. Энди биз исёнчиларни Сурияга қарши қўллаб-қувватламоқдамиз ва бизда бу одамлар кимлиги ҳақида тушунча йўқ. Агар АҚШ Асадга ҳужум қилса, бу Россия билан курашга олиб келади", деб айтди Трамп нашрга берган интервьюсида. 

Трамп Суриядаги саъй-ҳаракатларни тузумни ағдаришга эмас, террорчиликка қарши курашишга қаратиш кераклигини айтди.
 
Трамп интервьюсида 8 ноябрдаги сайловлардан кейин у Россия президенти Владимир Путиндан мактуб олганини айтиб ўтди. Трампнинг айтишича, мактуб ажойиб бўлган. Трамп шунингдек яқин орада Путин билан телефон орқали мулоқот қилишни режалаштираётганини қўшимча қилди.