АҚШнинг янги президенти бўлишга ҳозирлик кўраётган Дональд Трамп сайловлардан кейинги илк интервьюсини бергани ҳақида аввал хабар қилинган эди. У биринчи галда, Ҳиллари Клинтон почта можаросини давом эттириш эмас, балки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва бандликка оид муаммоларини ҳал қилиш, чегара назоратини кучайтириш масалалари билан шуғулланишини билдирди. 

Трамп бу ҳақда, The Wall Street Journal газетасига берган интервьюсида сўз юритган.
"Бу мен ўйлаб юрган нарса эмас, чунки мен соғлиқни сақлаш, бандлик, чегаралар назорати ҳамда солиқ ислоҳоти масалаларини ҳал қилмоқчиман", - деган Трамп. 

Аввалроқ, Трамп Клинтон давлат котиби бўлган вақтларда шахсий электрон манзилидан фойдаланганига оид можаро юзасидан махсус прокурорни тайинлашига ваъда берган эди. 

Трампнинг айтишича, у амалдаги давлат раҳбари Барак Обаманинг арзон тиббий суғурта борасидаги ислоҳотларининг айрим бандларини сақлаб қолиши мумкин. Унинг айтишича, умуман олганда, Obamacare ташаббусидан амалда фойдаланиб бўлмайди, чунки у шунчалик қимматга айланадики, "сиз суғурта қилиш имконига эга бўлмайсиз".

Дональд Трамп, шунингдек, Америка халқини бирлаштиришни ва "барча бир-бирини яхши кўрадиган" мамлакатни қуриш истагини билдирган. У имкон қадар ижобий бўлишга ваъда берар экан, мамлакат муаммолари, жумладан, гиёҳвандлик ва ноқонуний муҳожирликка қарши кураш каби масалаларни ҳал этиш борасида жиддий ниятда эканини таъкидлаган. 

Сиёсатчининг фикрича, ички тангликни йўқотишнинг энг яхши усули бу иш ўринларини барпо этишдир. Трамп умуммиллий инфратузилмалар лойиҳалари ҳамда аввал ўйлаб қўйилган халқаро савдо келишувларини имзолаш билан бунга эришиш мумкинлигини айтган. У шунингдек, арзон иш кучи қидириб, хорижий мамлакатларда завод-фабрикаларини қурувчи компаниялардан қўшимча тўловлар ундирилиши мумкинлигини рад этмаган. Бундан ташқари, банклар кредитларни эркинроқ беришлари учун уларни назорат қилиш юмшатилади.

АҚШнинг янги президенти лавозимига киришгач, Сурияда, ушбу мамлакат етакчиси Башар Асадни ҳокимиятдан четлатиш эмас, балки ИШИДга қарши курашиш ниятида эканини айтган. Нашрнинг ёзишича, Трамп АҚШнинг Сурияда юритажак режаларини батафсил айтмаган бўлса-да, Барак Обама маъмуриятининг ҳақиқий мухолифатни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатини давом эттирмаслигини уқдирган. "Менинг Сурияга нисбатан қарашим, кўпчиликнинг қарашидан фарқ қилади", - деган миллиардер.

Шу билан бирга, Дональд Трамп, Суриядаги можаро, унда кўпгина манфаатдор томонларнинг иштирок этаётгани билан мураккаблигини қайд этган. "Биз Сурия исёнчиларини қўллаб-қувватлаяпмиз, аммо уларнинг аслида кимлигини билмаймиз", - деган Трамп. "Биз Сурия билан жанг қилмоқдамиз, Сурия ИШИД билан урушмоқда, биз яна ИШИДдан ҳам халос бўлиш ниятидамиз, - дея қўшимча қилган Трамп. - Россия эндиликда Суриянинг мутлақ иттифоқчиси. Бундан ташқари, бизлар туфайли анча қудратли бўлиб олган Эрон ҳам Сурия тарафдори". 

Трампнинг фикрича, агар Қўшма Штатлар Асад армиясига ҳужум қилса, "АҚШ бир вақтнинг ўзида ҳам Россия ва Сурия билан жанг қилишга бел боғлаган бўлади".