АҚШ айни вақтда Австралия томонидан Манус ороли (Папуа-Янги Гвинея) ва Науру давлатида яратилган марказларда бўлган ноқонуний муҳожирларни қабул қилишга рози бўлди. Бу ҳақда Австралия бош вазири Малколм Тернбулл эълон қилди.   
 
Тернбулл келишувнинг тафсилотлари ва амалга оширилиши муддатларини ошкор қилишдан бош тортди, бироқ "келишув босқичма-босқич ва БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси маъмурий иштироки асосида амалга оширилишини" таъкидлаб ўтди.  

Бош вазир шунингдек АҚШ билан келишув "бир марталик характерга" эга бўлишини айтди. Бу АҚШга фақатгина Манус ва Науруда бўлган одамларгина кўчиб ўта олишлари ва бунда афзаллик "аёллар ва болаларга" берилишини англатади. "Келишув кейинчалик Австралияга ноқонуний кирмоқчи бўлганларга нисбатан қўлланмайди", деб тушунтирди Тернбулл.

Айни вақтда Манус ва Наурудаги лагерларда 1800 киши бор, уларнинг барчаси Австралияга Жануби-шарқий Осиё давлатларидан қайиқларда ноқонуний киришга ҳаракат қилишган, бироқ Австралия ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ушланиб олинганлар. Маълум қилинишича, лагерлардаги АҚШга кўчирилмайдиган одамлар ёки келган давлатларига жўнатиладилар, ёки Науруда қоладилар ва уларга 20 йиллик виза жорий қилинади. Папуа-Янги Гвинея ҳукумати эса Манус оролидаги марказни ёпишга қарор қилган, бироқ бу қачон юз беришини маълум қилмаган.