Европарламент раиси Мартин Шульц Bild нашрига берган интервьюсида Туркия билан муносабатларда иқтисодий санкциялар жорий қилиниши мумкинлиги ҳақида айтди. У бундай эҳтимол Туркияда мухолифат вакиллари бўлган сиёсатчилар ҳамда журналистларнинг ҳибсга олинаётгани фонида пайдо бўлганини таъкидлаган.

«Биз ЕИдагилар Туркия билан муносабатлардан қандай санкциялар қўллашимиз мумкинлигини ўйлаб кўришимиз керак. Туркия аъзоси ҳисобланадиган Божхона иттифоқи йил охирида қайта ислоҳ этилади. Мен мухолифатчи депутатлар ва журналистлар қамоққа ташланадиган бу мамлакат ҳисобига Божхона иттифоқини кенгайтиришни тасаввур эта олмайман», — деган у.

Шульц шунингдек, ЕИ Туркияда ўлим жазоси тикланса, бунга ҳам жавоб қайтарилишини қайд этиб ўтган.

«Агар Туркияда ўлим жазоси қайтадан жорий этилса, бу мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириши бўйича жараён шу заҳоти тўхтайди», — деган Шульц.

Унинг сўзларига кўра, у воқеалар жараёни шу тахлит кечишини истамайди. Шульц ҳибс қилинаётган мухолифатчиларга ёрдам бера олмаслигидан ташвишини билдирган. У бу борада мулоқот ўтказилиши кераклигини таъкидлаган.

Бундан олдинроқ, манбалардан бири Европарламент кўп эҳтимол билан Туркия учун визасиз режим тақдим этишга қарши овоз берилиши ҳақида хабар қилганди.