Францияда бир йилдан бери давом этаётган фавқулодда ҳолат 2017 йил баҳорида бўлиб ўтадиган президентлик сайловигача узайтирилади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Мануэль Вальс ВВС учун берган интервьюсида маълум қилган.

Интервью давомида вазир «Ниццада бўлгани каби ҳужумлар такрорланиши мумкинлиги» ҳақида гапирган.

Мамлакатдаги фавқулодда ҳолат тартиби 2015 йил, 13 ноябрдаги Париждаги терактлардан сўнг уч ой муддатга жорий этилганди. Бироқ расмийлар террорчилик хавфи юқори бўлгани сабабли мазкур тартибни бир неча бор узайтирди. Ниццада юз берган навбатдаги терактдан сўнг эса фавқулодда ҳолат бирйўла олти ой — 2017 йил январининг охиригача узайтирилганди.

Маълумот учун, Францияда президентлик сайлови келгуси йил апрелида бўлиб ўтади.