Бугун Конор Макгрегор Эдди Альваресни енгиб, 2та вазн тоифасида чемпион бўлган UFC тарихидаги илк спортчига айланди (енгил ва ярим енгил вазн тоифаси). Жангдан кейин берган интервьюсида ирландиялик чемпион ўз имкониятларини жуда юқори баҳолади.

Жангчи фаолиятидаги бу муҳим ғалабасидан кейин "унга ҳеч ким қўрқинчли эмаслигини" айтган.

"Альварес — менинг даражамдаги жангчи эмас. У ҳақиқий жангчи, аммо мен ундан анча кучлиман. Ваъда бераманки, мендан бу камарларни олмоқчи бўлган исталган рақибни янчиб ташлайман. Мен барчани янчаман! Билиб қўйинглар, мен ҳеч кимдан қилган ишим учун узр сўрамайман ҳам. Буни чин қалбимдан айтаяпман. Мени ким жангга чақирса, мен уни уятга қолдираман", деган Макгрегор.

Қайд этиш керакки, россиялик Хабиб Нурмагомедов бугун Макгрегорни жангга чорлади. Россиялик спортчи ирландни у ҳали Альварес билан жангини ўтказмаганидаёқ жангга чақирганди. У ўз рақиби Майкл Жонсонни енгач, Макгрегорни "ирланд такасалтанги" деб атаганди.

Конор Макгрегор эндиликда универсал жангчилар чемпионати (UFC)нинг икки вазн тоифасида UFC чемпиони бўлган илк жангчига айланди. 

2015 йилнинг декабрь ойида Конор Жозе Альдони нокаутга учратиб, ярим енгил вазн тоифасида UFC чемпионлик камарини ҳимоя қилган эди.