13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар кечаси ажойиб табиий ҳодиса – Ойнинг Ерга энг қисқа масофага яқинлашиши, яъни суперой деб аталувчи манзарани кўриш мумкин бўлади. 

Суперой унчалик ҳам ноёб ҳодиса ҳисобланмайди, баъзи йилларда уни 3 марталаб кузатиш мумкин. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу галги суперой ўзига хосдир, яъни у суперойлар ичида суперидир. Суперойда тўлишган ой Ерга энг яқин нуқтадан ўтади.  
Ойдан Ергача ўртача масофа 384393 км ни ташкил қилади, бу галги Суперойда Ернинг табиий йўлдоши Ерга одатдагидан 30 минг км га яқинроқ бўлади, яъни Ер ва Ойни 356 минг 511 км лик масофа ажратиб туради. Бунинг натижасида у 14 фоизга каттароқ ва 30 фоизга ёрқинроқ кўринади. 
1948 йилда Ой Ерга ҳозиргидан 50 км га кўпроқ яқинлашган.

21-асрда Ой Ерга 356500 км дан камроқ масофага яна икки марта: 2034 йил 25 ноябрда (356446 км) ва 2052 йил 6 декарбда (356 425 км) яқинлашади.
2016 йил 14 декабрда яна битта Суперой бўлади, бироқ бунда Ой Ерга ҳозиргидек яқин келмайди. 

Афсуски, мутахассисларнинг айтишича, Суперой сайёрамизга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ундан аввал ёки кейин Ерда қандайдир йирик табиий ҳодисалар юз бериши қайд қилиб келинади.

Мисол учун, 2011 йил мартда, суперойгача 8 кун қолганда Японияда фалокатли цунами келтириб чиқарган кучли зилзила юз берганди. 

2015 йилда суперой 30 август ва 28 сентябрда юз берган. Биринчи ва иккинчи суперой орасидаги вақт давомида Мексика соҳиллари яқинида 6,6 магнитудали ва Индонезия соҳиллари яқинида 6,3 магнитудали иккита кучли зилзила юз берган.

2004 йил Жанубий-Шарқий Осиёдаги талофатли зилзила суперойдан икки ҳафта олдин юз берган.

Бу галги суперойдан нималар кутиш мумкинлигини ҳеч ким билмайди. Баъзи тадқиқотчилар суперой нафақат зилзилалар, балки вулқонлар отилиши, сув тошқинлари, бўронлар ва бошқа техноген фалокатларни келтириб чиқаради, деб ҳисоблайдилар. 

Мутахассислар Ойнинг Ерга яқинлашиши сайёрамиз учун осойишта ўтмайди, Ер унинг бевосита бўлмаса-да, билвосита таъсирини сезади, деб қайд қиладилар. Зилзилалар ер қаърида авж олиб келади. Уларни литосфера плиталари ҳаракати, зўриқиши ва деформацияси тайёрлайди. Ойнинг гравитацион таъсири эса бу жараёнларга бироз туртки бериб юбориши, яъни ўзига хос "тепки" бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Бироқ олимлар бу механизм қандай юз беришини Ньютон замонларидан бери тушунишга ҳаракат қилиб келадилар, бироқ ҳозиргача бунга аниқ жавоб топа олмай келмоқдалар.

Дарвоқе, 13 ноябрда Янги Зеландия соҳиллари яқинида кучли зилзила юз берди. Эҳтимол, бу табиий офат жорий суперойнинг таъсири натижасида юзага келган бўлиши мумкин.