Япониянинг Panasonic компанияси Словениянинг маиший техника ишлаб чиқарувчи  Gorenje компаниясини сотиб олиш фикридан қайтди. Шу тариқа июлда тузилиши мумкинлиги маълум бўлган битим тузилмайдиган бўлди.

Айни вақтда Panasonic компаниянинг 10,74 фоиз акциясига эга. Gorenje’да маълум қилинишича, япон компанияси ўз улушини оширишни истамаётганига қарамасдан, бу келгуси бизнес-режаларга ва ривожланишга таъсир қилмайди, компаниялар турли соҳаларда амалий ҳамкорликни давом эттираверадилар. 

10 ноябрда Gorenje акциялари Люблянадаги биржада Panasonic билан битим тузилиши мумкинлиги илинжида тўхтатилганди. Таҳлилчиларнинг фикрича, битим тузилмаслиги эълон қилингандан кейин словен компаниясининг акциялари  нархи 25 июлдаги 31 фоизлик қимматлашишдан кейин анчагина тушиб кетиши мумкин. 

Gorenje 211 млн евролик бозор капиталлашувига эга. 2016 йил якунларига кўра, компания 7,6 млн долларлик соф фойдага эга бўлиши кутилмоқда.


finance.yahoo.com