Покистон жанубида жойлашган Белужистон провинциясидаги Шоҳ Нурий ибодатхонасида ҳаракатга келган кучли портлаш оқибатида 52 киши ҳалок бўлди, 100дан зиёд киши жароҳатланди. Бу ҳақда Geo TV телеканали хабар бермоқда.

Аввалроқ қурбонлар сони 45 киши экани айтилганди. Телеканалда келтирилишича, портлаш вақтида бинода 600 нафаргача киши бўлган.

Покистондаги нашрлар маълумотларига кўра, ўз-ўзини портлатиб юборган худкуш 14 яшар ўспирин йигит бўлган. Теракт диний ибодат ўтаётган вақт амалга оширилган. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

Маҳаллий ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, ушбу терактни ИШИД террорчилик ҳаракати ўз зиммасига олган.