АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп АҚШ ва Мексика чегарасида девор қурмоқчи эканлигини тасдиқлади.

Миллиардернинг айтишича, бунда чегарадаги баъзи ҳудудларда девор қурмай, оддий тўсиқлар ўрнатиш ҳам мумкин. "Баъзи ҳудудлар учун оддий тўсиқлар ўрнатилишига рози бўламан, бироқ баъзи ҳудудлар учун девор ўринли бўлади", деб айтди Трамп CBS телеканалига берган интервьюсида.

Трамп АҚШдан жиноий ўтмишга эга 3 млн га яқин ноқонуний муҳожирни депортация қилишга тайёрлигини маълум қилди. "Биз қилмоқчи бўлган иш шундан иборатки, бу жиноий ўтмишга эга одамларни, тўдалар аъзоларини, гиёҳвандфурушларни олиб, уларни мамлакатдан чиқариб юборамиз ёки турмаларга ўтказамиз", деб айтган Трамп. 

Трамп сайловолди нутқларида ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатиш учун Мексика билан чегарада девор қуришини бир неча маротаба айтиб ўтган.