2016 йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ расмий сайти маълум қилди

Музокаралар давомида икки ва кўп томонлама шакллардаги Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида умумий кун тартибининг барча масалалари бўйича ҳамкорлик, жумладан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги муносабатларни ривожлантиришга икки томон ҳам интилаётгани қайд этилди.

Музокаралар якунларига кўра Ўзбекистон ва Хитой ТИВ раҳбарлари ОАВ вакиллари олдида нутқ сўзладилар.

Учрашувда Хитой Элчиси Сун Лижиэ иштирок этди.