Буюк Британиянинг баъзи ҳудудлари сув тошқини ва бошқа табиий ҳодисалар хавфи сабаб, турар-жой қуришга  мослашмаган. Бироқ мамлакатдаги уйлар баҳосининг қимматлигини ҳисобга олиб, қурувчилар бу ҳудудларда ҳам уйлар бунёд қилишга ёрдам бериш усуллари устида жиддий бош қотиришмоқда. Бу ҳақида newatlas.com'да маълум қилинди. 

Larkfleet Group меъморчилик компанияси Elevating House номи остида Англияга хос бўлган икки қаватли, уч ётоқхонали оилавий уйлар қурилишини таклиф қилишга тайёр. Янги уйларнинг сири шундаки, улар сув тошқини пайтида уйни кўтарувчи махсус механизм ва жиҳозлар билан таъминланган. 

Сув тошқини ҳақида сигнал келиб тушиши билан двигатель ҳамда механик тизим ишга тушади, қарабсизки, 65 тоннали уй 5 дақиқа ичида 1,5 метр баландликка кўтарилади. Уй эгалари эса хавфсизлик мақсадларида уни тарк этишларига тўғри келади. Elevating House кўтаринки ҳолатда турганида томдаги қуёш панеллари ва аккумуляторлар тизими кафолатланган электр таъминотини етказади, канализация ва сув қувури мослашувчан шланглар туфайли ўз фаоллигини сақлаб қолади. 

Сув ўз жойига тушиши билан, Elevating House қайта жойига тушиши учун уй эгалари унинг остидаги ҳудудни сув тошқинидан кейин қолган чиқиндилардан яхшилаб тозалашлари керак бўлади. Larkfleet Group лойиҳаси тасдиқдан ўтса, биринчи янги уй 2017 йилнинг бошидаёқ қурилади. Бироқ оммавий қурилишларга ҳали вақт бор. Илк намуналар 5 йиллик тест-драйвдан ўтиши керак бўлади.