2016 йил 15 июлда Туркияда содир бўлган давлат тўнтарувига уринишдан кейин тўнтарувга алоқадорликда гумон қилинганлардан 10 млрд долларлик актив мусодара қилинди. Бу маблағларнинг янги эгалари Эрдўған тузумини қўллаб-қувватловчи тадбиркорлар бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда Bloomberg ахборот агентлиги. 

Агентлик маълумотларига кўра, тўнтарувга уриниш Туркия бўйлаб умумий қиймати 10 млрд долларга баҳоланган деярли 600 компания раҳбариятининг ўзгаришига сабаб бўлди. Ҳукуматнинг фикрича, бу акциялар тўнтарувни ташкиллаштиришда ва мухолиф Фатҳулла Гулен билан алоқадорликда гумон қилинган шахсларга тегишли бўлган.     

Таъкидланишича, акциялар депозитларни суғурталаш жамғармасига топширилган, улар билан келгусида нима бўлиши тергов натижаларига боғлиқ бўлади.

Ахборот агентлигининг маълум қилишича, бу активлар Эрдўған тузумини қўллаб-қувватловчи тадбиркорларга берилиши мумкин. Улардан бирининг эгаси Metro Holding компанияси эгаси Голиб Ўзтюрк бўлиши мумкин. Ахборот агентлигининг фикрича, Ўзтюрк қўлга олинган компаниялардан энг йириги бўлган Koza İpek’ни сотиб олишга даъвогарлардан бири бўлиши мумкин. Ўзтюрк бу компаниянинг активларини сотиб олишга қизиқиш билдирган.