Британиялик Бэн Хупер янги жаҳон рекорди ўрнатиш ва хайрия ишлари учун 1 млн фунт стерлинг йиғиш мақсадида Атлантика океанини сузиб ўтишни бошлади. Бу ҳақда ВВС хабар бермоқда.

Хупер аввал ҳарбий полиция ходими бўлиб ишлаган. У сузиб ўтишга 2013 йилдан бошлаб тайёрланган.

Хупер 3,2 минг километр масофа бўйлаб саёҳатини Сенегалнинг Дакардаги гаванидан бошлади. Британиялик сузиб ўтадиган йўлини Бразилиянинг Натал шаҳрида якунлашни ният қилган. Хупер сузишни кейинги йилнинг мартида якунлашга умид қилмоқда.

Сузувчининг айтишича, у қўрқаётган ягона нарса организмга жисмоний зарар етиб қолишидир. Хупер денгиз мавжудотларидан қўрқмаяпти.

«Мен акула ва медузалар билан аллақачон учрашганман. Улардан бирортаси мени еб қўймаган», — деди у. 

Ўта хавфли ҳудудларда у камуфляж гидрокостюм кийиб олади. Хупер кунига сувга 2 мартадан тушиб, жами 12 соат сузмоқчи. Хуперни бортида тиббиёт ходимлари ва Гиннеснинг рекордлар китоби вакиллари бўлган иккита кема ҳамроҳлик қилади, уларнинг бортида унинг тўққиз кишилик жамоаси, шунингдек инглиз мастифи зотидаги ит ҳам бўлади.

Reuters таъкидлашича, Хупер Атлантика океанини сузиш орқали кесиб ўтган биринчи одамга айланиши мумкин.