Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари 14 ноябрда Туркия билан муносабатларни, Суриядаги ихтилофни ҳал қилиш бўйича музокаралар ва мудофаа вазирлари билан биргаликдаги сессияда Европа Иттифоқи мудофааси ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича режани муҳокама қиладилар.     

Учрашув 13 ноябрдаги норасмий кечки овқатдан бошланди. Европа Иттифоқи  дипломатияси раҳбари Федерика Могерини ҳамкорларини кечки овқатга АҚШ президентлик сайловларида Дональд Трамп ғолиб бўлганини муҳокама қилиш учун таклиф қилди. Учрашув натижаларига кўра, Бельгия ташқи ишлар вазири Дидье Рейндерс Европа Иттифоқи сайловлар натижаларини ҳурмат қилиши ва АҚШнинг янги маъмурияти ўз режаларини белгилаб олишини кутиш лозимлигини айтиб ўтди. 

14 ноябрдаги учрашув кун тартибининг биринчи банди Туркия масаласи бўлади. Вазирлар Европа Иттифоқида ташвиш уйғотаётган Туркиядаги вазиятни муҳокама қилишади. Сўнгра вазирлар Шарқий ҳамкорлик мавзуси, кейинги йил охирида ўтадиган навбатдаги саммитга тайёргарчилик масалаларига тўхталиб ўтишади. Шу билан боғлиқ ҳолда, Молдовадаги президент сайловлари ва Грузиядаги парламент сайловлари муҳокама қилинади.    
Бундан ташқари, Украина билан қўшилиш келишувининг Нидерландия томонидан ратификация қилиниши масаласи кўтарилади. 
Учрашувда муҳокама қилинадиган кейинги масалалардан бири Суриядаги вазият бўлади. 

Куннинг иккинчи ярмида Европа Иттифоқига кирувчи давлатлар ташқи ишлар вазирлари ва мудофаа вазирларининг биргаликдаги сессияси ўтказилиши белгиланган. Вазирлар Европа дипломатияси томонидан таклиф қилинган Европа мудофаа ва хавфсизлик сиёсатини ҳаётга татбиқ қилиш режасини муҳокама қилишади. Могеринининг айтишича, бу режа учта банддан иборат: Европа Иттифоқининг ташқи ихтилофлар ва инқирозларга жавоб бериши имкониятлари, Европа Иттифоқининг заиф ҳамкорлари мудофаа қобилиятларини мустаҳкамлаш ҳамда Европа Иттифоқи ва унинг фуқароларини ҳимоя қилиш. Европа Иттифоқи давлатлари етакчилари бу режани декабрдаги саммитда маъқуллашлари керак бўлади.