Тайваннинг компьютер ва мобиль қурилмалар ишлаб чиқарувчи Acer компаниясининг соф даромади 30 фоизга ошиб кетди. Бундан компания томонидан 2016 йил 3-чорак бўйича чоп этилган маълумотлар гувоҳлик бермоқда.

3-чорак натижаларига кўра, компаниянинг тушуми 59,6 млрд Тайван долларини (1,9 млрд доллар), соф даромади эса 249 млн Тайван долларини (7,8 млн долларни) ташкил қилди. Бир йил аввал шу чоракда компаниянинг даромади 191 млн Тайван долларига тенг бўлган. 

Компания 2011 йилдан 2013 йилгача зиён кўриб ишлаган. Компания йирик кўламдаги қайта ташкиллаштириш ҳисобига даромад ола бошлаган. Бу жараён давомида компаниянинг раҳбарияти ўзгарган, ходимлари сони қисқарган ва янги бизнес-режалар тузилган.

Компания ўз даромадининг катта қисмини ноутбуклар сотишдан олади. Бу борада 2-ўринни компьютерлар эгаллайди. Мониторлар компанияга 12 фоиз фойдани, планшетлар –  6 фоиз, смартфонлар 1 фоиз фойдани келтиради.

Географик жиҳатдан компания учун энг сердаромад минтақа EMEA (Европа, Яқин Шарқ, Африка) ҳисобланади, ўтган чоракда бу минтақа ҳисобига компаниянинг 38 фоиз айланмаси тўғри келган. Осиё-Тинч океани минтақаси компанияга 33 фоиз тушумни, Шимолий ва Жанубий Америка 29 фоиз тушумни таъминлаган.

Gartner таҳлилчилари маълумотларига кўра, компания 2016 йил июль-сентябрь ойлари ичида 4,6 млн та компьютер ишлаб чиқарган. Компаниянинг жаҳон бозоридаги улуши 6,7 фоизни ташкил қилган ва бу ишлаб чиқарувчилар орасида 6-кўрсаткич ҳисобланади