Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи томонидан 2016 йил 25 октябрда имзоланган қарорга мувофиқ, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси акциядорлик жамиятига айлантирилди. “Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда шу ҳақда сўз юритилган. 

Мазкур қарорга биноан, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси негизида “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти тузилди.

Ҳужжатга мувофиқ, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш саноати тузилмаларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш чоралари белгиланган. Соҳага хорижий сармояларни кенг жалб қилиш ҳамда унинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, соҳага корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини қўллашни амалиётга киритиш кўзда тутилган. 

Акциядорлик жамияти вазифалари сифатида қурилиш моллари ишлаб чиқариш ҳажмини ва турларини кенгайтириш, соҳага илғор энергия ва хом-ашёни тежовчи технологияларни жорий қилиш, замонавий қурилиш моллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, соҳани бошқаришга юқори малакали менежерлар, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб этиш кабилар белгиланган. 

Бундан ташқари, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ таркибида махсус лойиҳавий илмий-тадқиқот институти «ҚурилишматериалЛИТИ» МЧЖ ташкил этилади. 

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Президент в.б. қарорига асосан, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ Бошқаруви раисини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди. “Ўзқурилишматериаллари” АЖ матбуот хизматига кўра, Ботир Зарипов “Ўзқурилишматериаллари” АЖ Бошқаруви раиси этиб тайинланган.