«Манчестер Юнайтед»нинг арманистонлик яримҳимоячиси Генрих Мхитарян клубнинг асосий таркиби учун курашда давом этишини айтиб ўтди. Унинг сўзлари Арманистон футбол федерацияси сайтида келтирилган.

«МЮ»га ўтиши сабаблари ҳақида

Мен Германияда ажойиб 3 мавсумни ўтказдим ва дунёнинг энг кучли лигасига, дунёнинг энг номдор клубларидан бирига ўтиш имкониятига эга бўлдим. Отам ҳамиша мени бундай чақириқларни қўрқмай қаршилашга ўргатган. Мен «МЮ»га ўтиш қарорини фаолиятимнинг навбатдаги босқичи сифатида қабул қилдим.

«Манчестер Юнайтед»га ўтишимда катта маош асосий ўрин тутмаган. Бунинг футболча сабаби бор: клубнинг шонли тарихи, мухлислар ва дунёнинг энг кучли мураббийларидан бири билан бирга ишлаш кўпроқ ўзига жалб қилган.

Англиядаги қийинчиликлар ҳақида

Бу ерда қуёш кам чиқади, аммо мен Манчестерга пляжда ётиш учун келмаганман (кулади). Мен шаҳарга мослаша олдим, чунки бу ерда одамлар менга дўстона муносабатда бўлишади. Манчестер – ҳаракат тўхтамайдиган шаҳар ва мен бу ерда яшашдан хурсандман.

Менга ҳозир фақат ўйин амалиёти етишмаяпти, лекин келгусида бу ҳам бўлади. Мен тинимсиз ўз устимда ишлаяпман ва бу ўз самарасини беришига ишонаман.

Асосий таркибга кира олмаётгани ҳақида

Мен қаттиқ ранжиётганим йўқ, бу ҳам фаолиятимнинг бир босқичи. Мен ҳеч қачон тўхтамайман ва таслим бўлмайман. Йўлимда тўсиқлар чиққанида бу тўсиқларни ошиб ўтаман ва мақсадга етишмагунча йўлимни давом эттираман.

Ҳозирда менда ўйин амалиёти етарли бўлмаяпти, ўзимни кўрсатишга имкон бўлмаяпти. Шундай экан мен мураббийлар штаби менга эътибор қаратиши учун қўлимдан келадиган барча ишни қилишим лозим.

Мен «Манчестер Юнайтед»да муваффақиятга эришишимга ишонаман. Мен барчага бу жамоанинг ва бу лиганинг етакчи футболчиси бўла олишимни кўрсатиб қўйишни истайман.

Мхитарян «МЮ»ни қишдаёқ тарк этиши мумкин