Молдовада бўлиб ўтган тўғридан-тўғри президент сайловининг 2-босқичида Социалистлар партияси раҳбари Игорь Додон ғолиб чиқди.

13 ноябрь куни Молдовада ўтказилган сайловнинг иккинчи босқичида 99,09 фоиз овоз ҳисобланган ҳолатда Додон 53,12 фоиз овозга эга бўлган. Унинг рақиби, "Ҳаракат ва Бирдамлик" партияси номзоди Майей Сандуга эса сайловчиларнинг 46,88 фоизи овоз берган.

“Шуни ишонч билан айтаманки, биз бу сайловда ғолиб чиқдик. Овоз бериш ҳали давом этмоқда, лекин айни дамда биз аллақачон 50 фоиздан ортиқ овоз тўплаб бўлдик. Биз ғалабага эришдик”, — деди Додон брифингда.

Додон Молдованинг барча фуқаролари, ўз тарафдорлари ва рақиб номзод тарафдорлари, ўнглар ва сўллар президенти бўлишга ваъда берди.

У ўзининг рақиби Майя Сандунинг сайловчиларига юзланиб шундай деди: "Майя Сандуга овоз берган фуқароларни муносиб ва яхши натижа билан табриклайман. Лекин айни дамда биз жамият иккига бўлинмаслиги учун ҳамма ишни бажаришимиз керак.

Мен менга қарши овоз берганлар фикрига ҳам қулоқ соламан, чунки бугунги кундан бошлаб мен бутун мамлакат президентиман. Ҳурматли рақиб, келинг биргаликда жамиятни тинчлантирайлик".

Игорь Додоннинг режалари қаторида Россия билан ҳамкорликни қайта тиклаш ва Молдова маҳсулотини Россия бозорига қайтариш тарафдори санаб ўтилган. Шунингдек, у Россия билан энергетика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйилиши тарафдори ҳисобланади.