АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трампнинг Хитой импортига 45 фоизлик бож киритилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотини мақбул деб бўлмайди, деб ёзмоқда Хитойда инглиз тилида чоп этилувчи Global Times нашри.

Жорий йилнинг июлида Трамп унинг иқтисодий сиёсати "барча савдо қоидабузарликларини, жумладан қаллоблик қилаётган исталган давлатга солиқ киритиб жазолашини" айтган. Трамп шунингдек "Хитой томонидан интеллектуал мулкнинг ўғирланиши, ноқонуний босим ўтказиш ва валюта билан вайронакор ҳаракатларни" тўхтатишини қўшимча қилган. 

Ўз навбатида Хитой томони Трампга қарши жавоб чоралари билан, жумладан Хитой Boeing самолётларига барча буюртмаларни бекор қилиб, уларни Airbus билан алмаштириш, Хитойда iPhone сотилишини қисқартириш билан таҳдид қилган. Бундан ташқари, Хитой ҳукумати АҚШда таълим олувчи хитойлик талабаларнинг сонини камайтириши мумкинлигини айтган.

Таъкидланишича, Хитойга бундай "ҳужум" Барак Обама томонидан ҳам қилинган: у Хитой шиналарига 35 фоизлик импорт тарифи киритилишини эълон қилгач, Хитой бунга жавобан АҚШда ишлаб чиқарилган товуқ ва автомобилларга божлар киритган. Оқибатда икки томон ҳам зиён кўрган ва Обама маъмурияти бошқа бундай қадамларни амалга оширмаган.

Хитой нашрининг таъкидлашича, Трамп сайловлардан кейин Хитой билан иқтисодий ҳамкорлик борасида оҳангини пасайтирган.

Мутахассисларнинг фикрича, агар Трамп Хитой импортига бож киритса, унда бу Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдони бутунлай фалажлайди. Шу сабабли, уларнинг фикрича, Трамп Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо алоқаларига путур етказмайди.