Шу ҳафтада, Транстинч океани ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича келишувни имзолаган 11 мамлакат етакчилари Перу пойтахти Лима шаҳрида АҚШ президенти Барак Обама билан махсус учрашув ўтказишади. Мулоқот Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) саммити доирасида ташкил этилади. Унда халқаро савдо бирлашмасининг келгуси тақдири муҳокама қилинади. Бу ҳақда, ОТИҲ котибияти ижрочи директори Алан Боллард The Straits Times нашрига берган интервьюсида маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, "ТТҲ келишувини ратификация қилиш бўйича муддат белгиланмаган. Бироқ, унда АҚШ иштирок этмаса, келишувни амалиётга татбиқ этиб бўлмайди". Шунга қарамай, "гарчи музокаралардан барчада чарчоқ аломатлари кузатилаётган бўлса-да, келишувнинг айрим бандлари ўзгартирилиши ҳам мумкин". Болларднинг таъкидлашича, "ТТҲнинг тақдири 12 давлат раҳбарлари ихтиёридадир. Улар келишувга янги туртки бера олишадими ёки у  батамом барбод бўладими, вақт кўрсатади".

ОТИҲ ижрочи директорининг айтишича, "11 давлат етакчилари АҚШ иштирок этмаган тақдирда ҳам бундай глобал ғоядан воз кечишлари даргумон албатта, бироқ, Вашингтон иштирокисоз ташкил этилган савдо ҳамкорлиги миқёси сезиларли қисқаради".

Транстинч океани ҳамкорлиги бўйича келишув 12 давлат савдо вазирлари томонидан жорий йил февралида Оклендда имзоланган эди. Ушбу йирик минтақавий савдо бирлашмасига Австралия, Бруней, Вьетнам, Канада, Малайзия, Мексика, Янги Зеландия, Перу, АҚШ, Сингапур, Чили ва Япония давлатлари кириши керак. Бироқ, АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп бир неча маротаба Қўшма Штатлар ТТҲда иштирок этмаслигини айтган эди.