Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков, давлат раҳбарининг АҚШ янги сайланган президенти Дональд Трампга йўллаган мактубида нима ҳақда гап борганлигини маълум қилди. 

"Бу табрикнома эди, унда Путин Трампни президент сайловидаги ғалабаси билан  табриклади. Биз унинг қисқа мазмунини эълон қилган эдик", — деган матбуот котиби. 

Аввалроқ, Дональд Трамп, The Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида Путиндан "ажойиб" мактуб олганини айтган ва "тез орада уларнинг телефон орқали мулоқоти белгиланган"ини таъкидлаган эди. 

Журналистлар Москванинг Трампни Россияга таклиф қилишига ҳам қизиқишган. Бунга жавобан Песков, ҳозирча, у президентлик лавозимига расман киришмаганини эслатган. "АҚШнинг амалдаги президенти бор. Россия томони у билан ишламоқда", — деб таъкидлаган Дмитрий Песков. 

У Трамп ва Кремль вакилларининг учрашуви кутилаётганидан хабари йўқлигини қўшимча қилиб, Трамп сайловолди кампанияси чоғида Россияга келганини ҳам билмаслигини айтган. 

Песков, шунингдек, Кремль ва Трамп жамоаси ўртасида қандайдир алоқа борлигини рад этган.