Дональд Трампнинг АҚШ президенти этиб сайланиши ҳозирги кунда юқори мартабали одамлар манфаатлари атрофида айланиб юрган жаҳон сиёсатидаги маълум даврнинг якунланганидан гувоҳлик беради. Бундай фикрни Польша бош вазири Беата Шидло "До жечи" ҳафталик нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Шидлонинг айтишича, АҚШда ташвиқот, бир қатор ОАВ ва мутахассислар томонидан босимга қарамай демократия ғолиб бўлди. "Америкаликлар ўзлари учун фойдали деб ҳисоблаган танловни амалга оширишди. Биз уни ҳурмат қилишимиз ва ғолибни табриклашимиз керак", деб айтди бош вазир. 

Унинг фикрича, Трампнинг сайланиши "сиёсат воқелик ва оддий одамларнинг муаммоларидан узоқ бўлган, элита ва унинг ишлари атрофида мужассамлашган жаҳон сиёсатидаги маълум даврни якунламоқда". "Бу танлов жаҳон сиёсий саҳнасида охирги вақтда кузатишимиз мумкин бўлган кенг ҳолатнинг бир қисмидир. Баъзилар буни яхши ўзгариш деб атамоқдалар", деб таъкидлаб ўтди Шидло.                  

"Биз Польша ва АҚШнинг муносабатлари яхши бўлишини, эҳтимол негизида Варшавадаги НАТО саммитида қабул қилинган қарорлар ётган ҳамкорлик кенгайиши учун янада яхшироқ бўлишини истардик", деб айтди Польша бош вазири сайловлардан кейин.

Шидло НАТО саммитида қабул қилинган, шарқий флангни мустаҳкамлаш ҳамда Польша ва Болтиқ давлатларида кўп миллатли батальонларни жойлаштириш қарорига "ҳеч нарса хавф солмаётганига" ишонч билдирди. "Бу ўша саммитда иштирок этган ва умумий декларацияни имзолаган барча давлатлар манфаатидадир ", деб айтди Шидло.