АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашиш бўйича ўз режасини сир тутиш ниятида. У СBS телекомпаниясига берган интервьюсида шундай баёнот берди

Трамп гуруҳни йўқ қилиш учун қўлламоқчи бўлган стратегияни эълон қилишни кескин рад этган. Шу билан бирга, АҚШнинг бўлажак раҳбари қайд этишича, Ироқнинг Мўсул шаҳрини озод қилиш амалиёти қийин кечмоқда, чунки Оқ уй ҳарбий амалиёти хусусида аввал ошкор қилиб қўйган эди. 

Республикачи, шунингдек, унинг режаси Америка қуруқлидаги кучларидан фойдаланишни назарда тутаётганига ҳам ойдинлик киритишни истамаган. "Мен ҳеч нарса демайман. Мен уларга ҳеч нарса демоқчи эмасман. Мен ҳеч кимга ҳеч нарсани айтишни хоҳламайман", - деб таъкидлаган Трамп. 

Янги президентнинг айтишича, ҳозирча у, Америка ҳарбийларидан бошқа ҳеч кимга бу борадаги ўз фикрларини билдирмоқчи эмас. "Мен бу ишни қилмоқчиман. Бизларнинг ажойиб генералларимиз бор", - деб қўшимча қилган Трамп. 

Сўнгги ойларда Трамп ИШИДга қарши режаларини ошкор қилишни рад этган эди. У АҚШнинг амалиётлари қандай бўлишидан террорчиларни огоҳлантириш нияти йўқлигини важ қилганди. Миллиардер рақиблари эса, шу сабабли, Трампнинг бу борада аниқ стратегияси йўқлигини даъво қилишган эди.