Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Анқарага санкциялар қўллаши билан таҳдид қилган Европарламент раиси Мартин Шульцни иккиюзламачиликда айблади.

Шульц 13 ноябрь куни Туркияга нисбатан бу мамлакатда мухолифат вакиллари бўлган депутатлар ҳамда журналистлар ҳибсга олинаётгани туфайли иқтисодий санкциялар қўлланиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.

"Шульцнинг таҳдидона чиқиши бизга ҳеч қанақа таъсир кўрсатмайди. Яхшиси у Туркияда Курдистон ишчилар партияси фаолиятини тўхтатиш ва террорчиларга қарши кураш олиб бориш тўғрисида қайғурсин. Биз унинг баёнотида иккиёқлама стандартларни кўрамиз. Бизга инсон ҳуқуқларидан сабоқ бермоқчи бўлганларнинг иккиюзламачилиги Хитойдагиларга ҳам аён бўлса керак", — деган Човушўғли Анқарага расмий ташриф билан келган хитойлик ҳамкасби Ван И билан ўтказилган матбуот анжумани вақтида.

Бундан олдинроқ Туркия прокуратураси парламентнинг Халқларнинг демократик партияси вакиллари бўлган 12 депутатини, шу жумладан ҳамраислар Селахаттин Демиртош ва Фиген Юксактоғни ҳибс қилганди. Кейинроқ суд яна 10 депутатни ҳибсга олишга ордер берди. Ўтган ҳафтада эса мухолифатчилар нашри бўлмиш Cumhuriyet газетаси ходимларини қўлга олиш ишлари бўлиб ўтди.

Европарламент раҳбари Туркияга санкциялар қўлланиши билан таҳдид қилди