Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги президент сайлови арафасида хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда. Бу ҳақда ИИВнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғуновга асосланиб РИА Новости хабар қилган.

Президент сайловлари 4 декабрь кунида бўлиб ўтади. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш учун 9378та сайлов участкаси тузилди, уларда 21,435 миллион нафар сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Ўзбекистонда расман фаолият кўрсатувчи 4 партиянинг барчаси сайловларда иштирок этиш учун кўрсатган номзодлар рўйхатга олинган.

"Сайлов округлари ва участкаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар ходимлари, автотранспорт, алоқа ва бошқа техник воситалар етарлича миқдорда ажратилди. Сайлов участкаларига ёнғин ҳақида автоматик огоҳлантирувчи тизимлар ўрнатилди", — деган Турғунов.

У эслатиб ўтганки, Ўзбекистон МСК сайлов варақалари ва бюллетенларини ҳамда овоз бериш натижалари ҳақидаги баённомаларни ташишда хавфсизликни таъминлашни ИИВ зиммасига юклаган.

"Мазкур ҳужжат асосида ИИВ ва унинг маҳаллий бўлинмалари томонидан сайлов вақтида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, турли нохуш ҳолатлар олдини олиш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда", — дея қўшимча қилган у.